00:36 Pul topar futbolchilar !!! | |
Лионель Месси нафақат голларни
«ишлаб чиқариш», балки пул топиш бўйича ҳам етакчилик қилмоқда.
Криштиану Роналду эса ҳамон Дэвид Бекхэмни қувиб етолгани йўқ, Россия ПЛ
вакили илк марта етакчи учликка яқинлашди. [ ?] France Football дунёнинг энг кўп маош оладиган футболчилари рейтингини тузган бўлса, Sports.ru рўйхатни керакли маълумотлар билан тўлдирди. Яъни моянага реклама ва бошқа турдаги фаолият орқасидан топиладиган маблағларни ҳам қўшиб чиқди. 20. Франк Рибери («Бавария») Йилига 11,6 млн. евро
Франциянинг энг кўп маош оладиган футболчиси келаси мавсумда топ-20дан четда қолиши мумкин. Боиси, Мюнхен клуби ярим ҳимоячиси реклама соҳасида фаол эмас. У асосан Nike билан ҳамкорлиги эвазига 1 млн. евро топади. Даромадининг асосий қисми (10 «лимон»лик иш ҳақи ва 600000 атрофида бонус)ни «Бавария» таъминлайди. Эҳтимол, ҳозиргача 11та гол ва 15та самарали тўп узатишни ўз ҳисобига ёзиб қўйган футболчига реклама берувчилар энди эътибор қаратишар? 19. Жанлуижи Буффон («Ювентус») Йилига 11,7 млн. евро
Жижи бойвачча футболчилар орасидаги ягона италияликдир. Дель Пьеро ва Тоттининг излари йўқолиб улгурди. Дарвозабон ўз даромадининг ярмидан кўпроғи (6 млн.}200000)ни иш ҳақи кўринишида олади, 5,5 «лимон» эса 10тадан ортиқ фирма улушига тўғри келади. Бу мўмай даромадлар 34 ёшли посбоннинг ҳамон дунёдаги энг моҳир дарвоза қўриқчилари сафида боришига халақит қилмаяпти. Буффон «Ювентус»ни чемпионлик сари ишонч билан етакламоқда. 18. Дарио Конка («Гуанжоу») Йилига 12,5 млн. евро
Ҳозирги кун футболида эртакнамо бойликни қўлга киритиш учун албатта, Европада тўп суришга ҳожат қолмади. Мана, аргентиналик футболчи «кўҳна қитъа»га умуман қадам босмаган бўлсада, унинг моянаси европаликлар ҳавасини келтиради. «Флуминенсе» юлдузини Осиёга кўчиб ўтишга кўндириш учун хитойлик бойлар 10,6 млн. евро миқдорида йиллик маош ва 1,5 млн. бонус ваъда қилдилар. Ҳозирча Конка рекламадан катта даромад олишни йўлга қўёлмади - Nike ва бошқа ҳомийларнинг умумий гонорарлари 400000 евро атрофида. 17. Дидье Дрогба («Челси») Йилига 12,6 млн. евро
Африкалик бойваччалар учлигини «Челси» суперҳужумчиси якунлайди. Гарчи у «аристократлар»ни ЕЧЛ чорак финалига олиб чиққан бўлсада, АПЛда фақат тўртинчи ўрин учун кураш олиб бориши мумкин. Ҳужумчининг бу мавсумдаги самарадорлиги ҳам жуда паст (19та ўйинда 5та гол). Фақат иш ҳақи борасида муаммо йўқ: Дидье 8,6 «лимон»ни маош ва бонус кўринишида олади. 4 млн. эса ҳомийлар ҳисобидан тушади. 16. Давид Сильва («Манчестер Сити») Йилига 12,8 млн. евро
АПЛнинг энг яхши тўп узатувчиси Дрогбадан унчалик «олис» бўлмаган масофада бормоқда. Сильва «Сити» таркибида фаолиятидаги биринчи чемпионликни нишонлашга ҳам яқин турибди. Унинг маоши мукофотлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 10 млн. еврони ташкил этади. Қолганлари ҳомийларга тегишли. Энг йирик ҳамкори - Adidas. 15. Фрэнк Лэмпард («Челси») Йилига 12,9 млн. евро
Кимдир Фрэнкни «брак»ка чиқаришга ҳам улгурганди. Аммо ярим ҳимоячи ўз нонини ҳалоллаб ейишга одатланган. Чемпионатдаги 10та голи бунинг исботи бўлса, неажаб. Бу хизматлари учун Лэмпард клубдан 8,2 млн. олади, 500000 евро турли ҳомийлар, 4,2 млн. эса FIFA-2012 симулятори ҳиссасига тўғри келади. 14. Николя Анелька («Шанхай Шенхуа») Йилига 13 млн. евро
Аслида Хитойнинг суперклуби Дрогба ва Террига «қармоқ» ташлаганди. Бироқ унга Анелька «илинди». Бир йилда 9,2 млн. еврони сувдек «ичадиган» ҳужумчи янги соҳибларини хурсанд қилишни биринчи турдаёқ бошлаб юборди. Хитой дербисида у «Пекин Гуоань» дарвозасини ишғол этди. Николя ҳомийлар ҳисобидан эса ҳар йили 3,8 млн. олади. 13. Неймар («Сантос») Йилига 13,8 млн. евро
Ҳали Европага юзланмаган дунёнинг энг ёш иқтидор соҳиби топ-20дан мустаҳкам ўрин олиб улгурди. Эътиборлиси, Неймар даромадининг салкам 50 фоизини турли компаниялар билан тузган шартномалар орқали топади. Nike, Panasonic ва Red Bull шулар жумласидан. Тахминларга кўра, аллақачон «қанот» чиқарган Неймар 1-2 мавсумдан кейин Испания майдонларида парвоз қила бошлайди. Чунки бошқа рақобатчилардан кўра барвақтроқ отни қамчилаган «Барселона» ишни деярли «пишитиб» қўйган. 12. Бастиан
Швайнштайгер («Бавария») Йилига 13,9 млн. евро
«Немис машинаси»нинг юлдузи ҳар йили бонуслардан ташқари, нақ 10та «лимон» санаб олади. 3,3 млн. эса Adidas, Funny Frish ва Electronic Artsдан тушади. Даромадлар бинойидек бўлсада, Бастианнинг кайфияти баҳорга мос келмаяпти - у бутун мавсум давомида «Гол}пас» тизими бўйича бор-йўғи 6 очко жамғарди, холос. Тўғри, унинг 3 ойга сафдан чиққани ҳам салбий таъсир кўрсатди. 11. Златан Ибрагимович («Милан») Йилига 14 млн. евро
Ибра кетма-кет равишда гол уриб, «А» сериясининг энг кўп маош оладиган футболчиси мақомини тўла оқламоқда. Унинг жамоаси эса жадвалнинг юқори поғонасида бормоқда. Златаннинг даромадлари қуйидагича: 9 миллионлик иш ҳақи } 2,5 млн. бонус. Қолган маблағ Nike ва автобиографик асарнинг сотилишидан вужудга келади. Зеро, китоблар Италия ва Швецияда қўлма-қўл бўлиб кетган. 10. Филипп Лам («Бавария») Йилига 14,3 млн. евро
Лам молиявий жиҳатдан Швайнштайгер билан бир хил шартномага эга. Фақат реклама эвазига ўз жамоадошидан бироз кўпроқ топади. Умуман, терма жамоа сардорининг ҳозирда молиявий масалалар эмас, балки бундеслигадаги вазият кўпроқ қизиқтиради. Ахир «Боруссия» унинг клубидан нақ 5 очко илгарилаб кетди-да! 9. Кака («Реал») Йилига 15,5 млн. евро
Бразилиялик футболчи сўнгги 2 йил ичида ўзининг аввалги мавқеини тиклаб олгандек. У 10 миллионлик маош ва 0,5та «лимон» шаклидаги бонусни тўла оқламоқда. 5та «лимон»ни эса Adidas, EA Sports ва Sony «дарахт»ларидан узиб олади. Шунингдек, узоқ танаффусдан кейин (2004 йили «Милан» билан) чемпионлик унвонига жуда яқин турибди. 8. Фернандо Торрес («Челси») Йилига 16,7 млн. евро
Айнан шу фамилия пайдо бўлганида, экранга тавқилаънатлар ёғила бошлади: 50 миллионни кўкка совурган энг омадсиз трансфер етишмаганидек, яна йилига 11,5 миллион миқдоридаги маошни «туя» қилишга чидаш осон эмас-да! Қолган маблағлар табиийки, ҳомийлар киссасидан олинади. Умуман, «Челси» таркибидаги 38та учрашувда атиги 3та гол уриш - топ-ҳужумчи учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кўрсаткич. Хайриятки, Торрес «ўта кучли» «Лестер» билан бўлган ўйинда «дубл»га эришди. 7. Яя Туре («Манчестер Сити») Йилига 17,6 млн. евро
Аввалги 10 йилликда Донецкнинг «Металлург» клубида тўп сурган ивуарлик футболчи кейин 2 мавсум «Барса»да ўйнади. Каталонияда футболдаги барча совринларга эга бўлди. 2012 йили Африканинг энг яхши футболчиси сифатида бойвачча ўйинчилар орасида 7-ўриндан жой олди. Туре даромадининг салкам 15 миллиони клуб ҳиссасига тўғри келади. Қолганини Рuma бошчилигидаги реклама берувчилар тўлашади. 6. Серхио Агуэро («Манчестер Сити») Йилига 18,8 млн. евро
«Кун» илк мавсумдаёқ 20та гол уришга муваффақ бўлди. Фақат «Арсенал» дарвозасини ҳозирча забт этолгани йўқ. Шартномадаги 12,5 млн. еврони Серхио бинойидек бонусларга «омихта» қилиб олади. Йирик компаниялар ҳам Марадонанинг эрка куёвини 5 миллионлик гонорар билан сийлашади. Фақат совринлар борасида у унчалик мақтанолмайди - «Атлетико» таркибида ЕЛда ғолиб чиққан, холос. 5. Уэйн Руни («МЮ») Йилига 20,6 млн. евро
Тўпурарлик бобида ҳам, даромадлар жиҳатидан ҳам «Шрек» «Кун»дан бироз олдинда. Бонуслар билан ҳисоблаганда, Рунининг маоши 14,6 миллионга тенг. Қолгани Nike, Electronic Arts ва Powerade компаниялари бўйнида. Агарда Coca-Cola ўтган йилнинг апрелида шартномани бекор қилмаганида, Уэйннинг улуши янада салмоқлироқ бўларди. Бироқ Coca-Cola Олимпиадага ҳомийлик қилишни афзал кўрди. 4. Самуэль Это~О («Анжи») Йилига 23,3 млн. евро
Сулаймон Керимовдан йилига 20 млн. миқдорида маош олиш осон эмас. Буни уддалаган камерунлик ҳужумчи россияликларнинг топ-20даги дастлабки вакилларига айланди. Puma, Ford ва бошқа компаниялардан тушадиган 3 миллионлик гонорарни эса кундалик харажатларга сарфлайди. 3 ой давомида 8та гол урган Это~О тили ўткирларнинг чакагини ўчирди. Аммо сўнгги босқичдаги ўйинларда негадир гол уролмаяпти. 3. Криштиану Роналду («Реал») Йилига 29,2 млн. евро
Етакчи учликдан жой олган футболчи ўз жамоасидан 13 млн. олади. Сермаҳсуллиги эса уни Испаниядаги дастлабки олтин медалларга яқинлаштирмоқда. Ҳозирнинг ўзида рекламалар эвазига олаётган даромади умумий маблағнинг ярмидан ошиб кетди. Роналду Nike, Castrol, Conami ва бошқа компаниялар билан ҳамкорлик қилади. 2. Дэвид Бекхэм («Лос-Анжелес Гэлэкси»)
Йилига 31, 5 млн. евро Машҳурликдан унумли фойдаланиш бобида Бексга тенглашадиган футболчи йўқ. Топ-20 вакиллари орасида унинг клуб билан имзолаган шартномаси энг камтарона: 4,8 млн. } 700000. Бироқ Бекс бир қатор фирма ва компаниялардан нақ 26 миллионни санаб олади! Рекламада Дэвид худди сувдаги балиқдек эркин ҳаракатланади. Футболда эса 40 ёшгача бемалол ўйнаши мумкин. 1. Лионель Месси («Барселона») Йилига 33 млн. евро
Ҳа, Лео гарчи Это~Оникидан 2 баравар озроқ маблағ ёзилган шартномага имзо чеккан бўлсада, гол уришда ҳам, пул топишда ҳам ҳаммадан олдинда! Дунёнинг таниқли фирмалари кўмагида Лео 21 миллионлик «юк»ни жуда осонлик билан кўтаряпти. Мана, 24 ёшида «Барса» тарихидаги машҳур тўпурарлар орасида биринчи ўринга чиқиб олди. Умуман, унинг қанча маблағ олаётганининг кимга қизиғи бор? Муҳими, ўз ишини ҳаммадан сифатлироқ бажараётгани эмасми? | |
|
Всего комментариев: 1 | |||
| |||